Асосий меню

Маҳсулотлар экспорти ошмоқда

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг «Ҳудудий иқтисодий ҳамкорлик» лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Россия, Қозоғистон, Латвия ва бошқа давлатларнинг йирик савдо мажмулари, халқаро савдо ташкилотлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Тошкент вилоятидан деҳқон ва фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар раҳбарлари иштирок этди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, логистика тизимини кенгайтириш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш жараёнида фермерлик ҳаракати ва агробизнеснинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жорий этилаётган янги технологиялар етиштирилаётган маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишда эса логистика марказлари фаолияти муҳим аҳамиятга эга.

Даврат суҳбатида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш мамлакатимиз иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги секторидаги жадал ривожланаётган ва истиқболли йўналишларидан бири экани таъкидланди.

– Серқуёш Ўзбекистон заминида етиштирилган мевалар бутун дунёда ўз ўз харидорига эга, – дейди Латвиянинг «Trialto Latviya» компанияси бошқаруви аъзоси Давид Хефец. – Мевазор боғлар, бозорлардаги мўл-кўлчилик халқингиз фаровонлиги, юртингиз бойлигининг яққол далилидир. Ўзбекистонда етиштирилаётган маҳсулотларга бизда талаб катта. Бугунги тадбирда ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдик.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, агрофирмалар ва фермерларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини ошириш, уларни сақлаш шароитларини яхшилаш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш борасида тегишли тавсиялар берилди.

– Мамлакатимизда маҳсулотни танлаш имконияти йил сайин кенгайиб бораётгани қувонарлидир, – дейди Қува туманидаги «Qubbo meva-sabzavot» агрофирмаси раҳбари Элёр Жалолов. – Туманимизда етиштирилаётган гилос, анор, беҳи каби меваларга хорижда ҳам талаб катта. Жорий йилда ушбу маҳсулотлар экспортини кенгайтиришни режалаштирганмиз. Бугунги тадбир шу жиҳатлари билан бизга жуда маъқул бўлди.

Манба: uza.uz