Асосий меню

Мева ва сабзавотчиликни ривожлантириш истиқболлари


Мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификақия қилиш имконини берди, пировардида аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга эришилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат ўз ички талабини қондириш, балки глобал озиқ-овқат дастурига катта ҳиссасини қўшиши ва бошқа давлатларнинг бу борадаги муаммоларини ҳал этиш салоҳиятига эга давлатлардан бири ҳисобланади.

Ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатимизда сўнгги йилларда илғор хорижий тажрибалар асосида интенсив усулда боғлар барпо этиш, иссиқхоналар ташкил этиш, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун ҳосилдорлиги юқори бўлган ypyғлар билан таъминлаш, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий музлаткичларда сақлаш, саралаш, уларни қайта ишлаш ва қадоқлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 22 январдаги «Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокида «Ўзбекистан Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ва 2014 йил 14 февралдаги «Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари республикамизда боғдорчилик, сабзавотчилик ва узумчилик соҳасига илғор технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқарувчиларни замонавий қишлоқ хўжалиги техника ва жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда самарадорлиги юқори бўлган исиқхона хўжаликларини ташкил этишга пухта замин яратди.

Бугунги кунга қадар ушбу инвестиция лойиҳалари доирасида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан жами қиймати 38,7 млн АҚШ долларига тенг 350 дан ортиқ бизнес-режалар молиялаштирилди, натижада тадбиркорларимиз томонидан 500 гектардан зиёд майдонда боғ ва токзорлар барпо этилди, 112 гектар майдонда иссиқхоналар, 32,8 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхоналар, қуввати 13,1 минг тонна бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қодоқлаш цехлари ташкил этилди. Шу билан биргаликда, қишлоқ жойларда 1400 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.

Мева-сабзавотчиликни юқори суратлар билан ривожлантириш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистан Республикаси Президентининг 2015 йил 21 сентябрдаги «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги «Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Лойҳанинг умумий қиймати 219,28 млн АҚШ доллари бўлиб, шундан 150,0 млн доллар Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки инвестиция маблағларини ташкил этади.

Мазкур лойиҳа республикамизнинг 9 та ҳудудида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу ҳудудларда 4680 гектар майдонда пакана ва ярим пакана боғлар ва токзорлар барпо этиш, 163 минг тонна сиғимга эга музлаткичли омборхоналар ва 180 гектар майдонда энергия тежамкор иссиқхоналар ташкил этиш, қуввати 96 минг тонна бўлган мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш жиҳозларини ўрнатиш ҳамда махсус қишлоқ хўжалиги техника ва ускуналари харид қилиш режалаштирилган. Инвестиция лойиҳасини 2021 йилга қадар амалга ошириш белгилаб қўйилган.

Лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликларига қуйидаги мақсадлар учун имтиёзли кредитлар берилади:

• интенсив боғлар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш учун ҳосилдорлиги юқори бўлган интенсив кўчатлар ва уруғлар сотиб олиш;

• томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш, интенсив боғлар учун талаб қилинадиган аксессуарлар ва ускуналар харид қилиш;

• эски токзорларни янгилаб янги токзорларни барпо этиш;

• мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш учун совуқхоналар ва музлаткичлар,

қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш технологиялари, ички ва ташқи бозорларга сотиш учун талаб қилинадиган айланма маблағлар;

• мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш учун мини-техника ва технологияларни харид қилиш;

• сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун иссиқхоналар ва боғлар ташкил этиш учун кўчатхоналар барпо этиш ва бошқ.

Юқорида айтиб ўтилган йўналишлар бўйича тайёрланган бизнес режалар АТ «Халқ Банк», АИТБ «Ипак Йўли Банк», АТБ «Туронбанк», АТБ «Ўзсаноаткурилиш- банк», АТИБ «Ипотека Банк», АТБ «Хамкорбанк» ва АТБ «Қишлоқ Қурилиш Банк» орқали молиялаштирилади.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ушбу имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланиш учун тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатлар тўплами билан мурожаат қилишлари лозим:

- кредит олиш учун корхона раҳбарининг аризаси;

- корхонанинг низоми ва таъсис ҳужжатлари;

- охирги йил учун корхонанинг молиявий ҳисоботи;

- рўйхатдан ўтганлик ҳақида гувоҳнома;

- Бизнес-режа;

- лойиҳанинг экологик экспертизаси бўйича хулоса;

- гаров таъминоти бўйича тегишли харажатлар (кредит суммасидан 125 фоиздан кам бўлмаган миқдорда);

- товар, хизматларни харид қилиш бўйича шартнома;

- камида 3 та тижорат таклифлари.

Имтиёзли кредитлар режалаштирилган бизнес-лойиҳани амалга ошириш учун 10 йил муддатгача (шундан 3 йиллик имтиёзли давр) ва айланма маблағлар учун эса 18 ой муддатгача (шундан 9 ой имтиёзли давр) берилади. Имтиёзли кредитларнинг фоиз устамаси (тижорат банкининг фоиз устамаси) Ўзбекистан Республикаси миллий валютаси – сўмда 10 фоизгача ва АҚШ долларида 5,5 фоизгача бўлиши кутилмоқда. АҚШ долларида олинган кредитлар Ўзбекистон миллий валютаси – сўмда қарзни қайтариш кунидаги Марказий банкнинг расмий курсига мувофиқ қайтарилади.

Йирик бизнес лойиҳаларни кузлаётган тадбиркорлар ўз бизнес-режалари учун 2 млн АҚШ долларгача бўлган кредит маблағларини олишлари мумкин. Тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтиришга эса 200 минг АҚШ доллари миқдорида айланма маблағлар берилади.

Президентимиз қарорининг яна бир аҳамиятли тарафи шундаки, қишлоқ хўжалиги корхоналари, деҳқон ва фермер хўжаликлари мазкур лойиҳа доирасида молиялаштирилган бизнес-режалар асосида харид қиладиган ҳамда юртимизга олиб кирадиган техника ва технологиялар, жиҳоз ва ускуналарга қўйиладиган солиқ юкидан, яъни қўшимча қиймат солиғи, божхона ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилинган.

Бундан ташқари, келгусида экспорт ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш ҳамда жаҳон тан олган халқаро сифат стандартлари- ни (Global GAP, НАССР) жорий қилиш мақсадида, ушбу лойиҳа доирасида халқаро эксперт мутахассислар жалб қилиниши ва улар иштирокида тадбиркорларга турли ўқув-амалий семинарлари ўтказиш, халқаро ярмаркалар ташкил этиш кузда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигида яратилаётган бундай кенг имкониятлар мева-сабзавотчилик тармоғининг янада юксалиши, эскпорт ҳажмининг ошиши, деҳқон ва фермер хўжаликларининг молиявий жиҳатдан мустаҳкамланиши билан биргаликда юртимизда мўл-кўлчилик янада ортишини таъминлайди.

    Н.Қушназаров