Асосий меню

Имкониятлар самараси

Имкониятлар самараси

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида фермер хўжаликларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Жиззах вилоятида кейинги икки йилда боғ майдонлари 5 минг гектарга кенгайтирилиб, 14 минг 90 гектарга, токзор 5 минг 670, сабзавот майдонлари 16 минг 880 гектарга етказилди. Боғлар асосан табиий иқлим шароити қулай бўлган Бахмал, Ғаллаорол, Жиззах, Зомин, Фориш, Янгиобод каби тоғолди туманларида барпо этилмоқда. Ушбу ҳудудларда ўтган йили кузда ва шу йил эрта баҳорида интенсив агротехнологияларга асосланган 352 гектар боғ ва 374 гектар токзор барпо этилди. 

Айни пайтда эски токзор ва боғларни реконструкция қилиш, қатор ораларига ишлов бериш, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Жорий йилда вилоятда мева етиштиришни 112 минг, картошка ва сабзавот маҳсулотларини 501 минг тоннага етказиш режалаштирилган. 2016 йил учун тузилган дастурда белгиланган тадбирлар асосида ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида 2 минг 450 гектардан зиёд майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилган эди. Бунинг самарасида бугун вилоятдаги барча бозорлар янги сабзавотлар билан таъминланди. Бундан атиги 4-5 йил аввал ҳам мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларидан келтирилган эртаги мева-сабзавотнинг барча турлари энди вилоятнинг ўзида етиштирилмоқда. 

– Дастурда белгиланган тадбирларни амалга оширишда ҳудуднинг табиий иқлим, тупроқ шароити ҳисобга олинаётгани муҳим аҳамият касб этаётир, – дейди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Абдуғани Илашев. – Шу мақсадда иқлими нисбатан салқин бўлган Бахмал, Зомин, Ғаллаорол, Янгиобод туманларида ғалла майдонлари камайтирилиб, мева-сабзавотчилик ривожлантирилаётгани яхши самара бермоқда. Бу туманларда пакана ва ярим пакана мевали боғлар яратиш, айниқса, самарали эканини соҳибкорлар эришаётган дастлабки натижалар ҳам кўрсатмоқда. 

Бахмал тумани экологик тоза мева етиштириш учун ғоят қулай ҳудуд. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдан хорижга экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми ушбу туман ҳиссасига тўғри келди. 

Туманда тармоқни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ бошоқли дон экинлари экиб келинган 1 минг 800 гектар майдон 2020 йилгача тўлиқ мева-сабзавот ва узум етиштириш учун ажратилади. 

– Тоғ этаклари боғдорчилик учун жуда қулай, – дейди тумандаги «Ғофурбек Султонов» фермер хўжалиги раҳбари Абдураҳмон Тожибоев. – Айниқса, данакли мева дарахтлари яхши ҳосил беради. Икки йил аввал 17 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос олмазор яратдик. Ўтган йили боғнинг уч гектари ҳосилга кириб, яхши даромад берди. 

Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланаётган фермер ва деҳқон хўжаликлари, шахсий томорқа эгалари мева, узум, сабзавот, полиз ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириб, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминламоқда. Бу оилаларнинг даромадини кўпайтириш баробарида, янги иш ўринлари яратиш, энг муҳими, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. 

Тошқул Бекназаров, ЎзА