Асосий меню

Мамлакатимизда мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик изчил ривожланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ва партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан Президентимиз Ислом Каримовнинг «Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифаларга бағишланган тадбир ўтказилди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари С.Турдиев, парламент қуйи палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Т.Эшназаров ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар иқтисодиётимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. 

Мамлакатимизда мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва узумчилик изчил ривожланмоқда. Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди. 

Давлатимиз раҳбарининг қарори ички бозорни сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, қайта ишлаш корхоналарини хомашё билан мунтазам таъминлаш, ташқи бозорларга харидоргир ва рақобатбардош маҳсулотлар экспорти ҳажмини кўпайтиришга асос бўлиши таъкидланди. 

Мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилиши, уларни сотиб олиш учун шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак берилиши, бозор нархларида харид қилиниши фермер ва деҳқон хўжаликлари учун катта имкониятлар яратиши қайд этилди. 

Ушбу қарор мазмун-моҳиятини деҳқон ва фермерлар, тадбиркорларга етказиш, мева-сабзавотларни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди. 
 

Барно Мелиқулова, ЎзА