Асосий меню

Муқобил энергия: арзон ва тежамкор

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, Саноат фотоэлектр ассоциацияси, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси масъул ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари ва мутахассислар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда энергиянинг арзон, истиқболли, қайта тикланадиган, экологик нуқтаи назардан хавфсиз муқобил манбаларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари, илмий-тадқиқот муассасаларига қайта тикланадиган электр манбалари устида изланишлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилаётгани, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича илғор хорижий давлатлар, хусусан, Корея Республикаси билан ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида сўз юритилди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бормоқда, – дейди Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси биринчи котиби Жон Те Юн. – Электр қуввати ишлаб чиқарадиган ушбу станция энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз истиқболларини янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда ягона бўлган мазкур станция Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ўртасида Наманган вилоятининг Поп туманида илғор технологияларни қўллаган ҳолда қуввати 130 кВт бўлган тажриба қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича имзоланган меморандумга мувофиқ барпо этилди.

Замонавий электр станциясининг қурилиш ва монтаж ишлари «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ҳамда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари мутахассислари иштирокида «Электрқишлоққурилиш» очиқ акциядорлик жамиятининг 11-жамланмаси бош пудратчилигида амалга оширилди. Умумий қиймати 700 минг АҚШ долларига тенг лойиҳа асосида 0,3 гектардан зиёд майдонни эгаллаган станцияга Корея Республикаси Фотоэлектр саноати уюшмасига кирувчи «Hanwh», «JSPV», «S-Energy» ва «TopSun» компанияларининг тўрт турдаги ускуналари ўрнатилди. 492 фотоэлементли панел ва улар тўплаган қуёш энергиясини электр токига айлантириб, тўплаб, узатувчи замонавий техник қурилмалардан иборат янги энергия манбаи кунига 500-600 кВт соат электр бериш қувватига эга. Техник хизмат кўрсатиш ва назорат биносида станция фаолияти компьютерлашган тизим орқали бошқарилиб, назорат қилиб борилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган вақт мобайнида қуёш энергияси ёрдамида 23 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилди. Станция турли хилдаги технологик ечимга эга замонавий қуёш панеллари ва модулларини синовдан ўтказиш, юқори фойдали иш коэффициентини таъминлайдиган энг самарали ечимларни танлаш учун Ўзбекистон иқлим шароитида техник-иқтисодий параметрларни аниқлаш, шу турдаги станцияларни эксплуатация қилишнинг амалий кўникмаларини ошириш ва қуёш энергетикаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш маркази сифатида ҳам хизмат қилади.

Бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимизда қуёш энергетикасини ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва экспертиза қилишда илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Манба: uza.uz