Асосий меню

«Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш» лойиҳаси

«Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш» лойиҳаси

Асос: ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 февралдаги «Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси иштирокидаги «Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2795-сонли қарори.
Лойиҳа Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида амалга оширилади.

 

Имтиёзли кредит маблағлари қуйидаги йўналишларга ажратилади:

  • Наслли қорамол сотиб олиш;
  • Сутни соғиб  олиш ускунаси харид қилиш;
  • Сут махсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш техника ва технологиялар харид қилиш;
  • Сут ва сут махсулотларини ташишга мўлжалланган махсус техникалар сотиб олиш;
  • Озуқа ва ем-хашак ишлаб чиқарувчи, йиғиб олувчи ва қайта ишловчи техника ва ускуналар сотиб олиш;
  • Хусусий ветеринария хизматларини ташкил этиш  учун ветеринария жиҳозлари ва дори-дармонларини сотиб олиш.

 

ЛОЙИҲА ҲУДУДЛАРИ


Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги барча туманлар.


ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТ ОЛИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


Имтиёзли кредит маблағлари қуйидаги тижорат банклари орқали берилиши режалаштирилган:

  • Қишлоқ қурилиш банк
  • Микрокредитбанк
  • Халқ банк

 Лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар:

  • 5 йил муддатгача берилади, шундан 1 йили имтиёзли давр ҳисобланади.
  • Кредит маблағлари АҚШ долларида берилади.
  • Фоиз ставкаси – 5,5 фоиз
  • Бир мижоз учун максимал кредит миқдори 250 минг АҚШ долларигача.
  • Мижознинг лойиҳадаги улуши энг камида 20 фоиз эквивалентида бўлиши керак.

 Қўшимча имтиёзлар:

  • Имтиёзли кредит ҳисобидан импорт қилинадиган барча товар, хизмат, техника ва технологиялар, жиҳоз ва ускуналар солиқ тўловларидан, яъни қўшимча қиймат солиғи, божхона ва бошқа мажбурий тўловлардан озод этилади.
  • Молия вазирлиги, Марказий банк ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган кредит бериш «Қўлланма»сининг 34 бандига мувофиқ, ҳар бир лойиҳа ташабускорига суб-кредит маблағлари АҚШ долларида берилиб, АҚШ долларида ёки миллий валюта (сўм)да қайтарилиши белгиланган. 

 Кредит маблағларини расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тижорат банкларига тақдим этилади:

  1. Кредит олиш тўғрисида ариза;
  2. Корхона таъсис ҳужжатлари ва гувоҳномаси (нусхаси);
  3. Охирги йил учун корхонанинг бухгалтерия баланси (нусхаси);
  4. Товар, хизматлар, техника ва технологиялар етказиб берувчилардан олинган камида 3 та тижорат таклифи;
  5. Товар, хизматлар, техника ва технологияларни харид қилиш бўйича имзоланган контракт (нусхаси);
  6. Лойиҳанинг экологик экспертиза хулосаси (Ҳудудий табиатни муҳофаза қилиш бошқармалари) (нусхаси);
  7. Лойиҳанинг бизнес-режаси;
  8. Гаров таъминоти бўйича тегишли ҳужжатлар (кредит суммасининг 125%дан кам бўлмаган ҳолда); 

 Имтиёзли кредит олиш тартиби:

  1. Қишлоқ хўжалиги корхонаси, фермер хўжалиги ёки тадбиркор тижорат банкларининг ҳудудий филиалига кредит олиш учун тегишли ҳужжатлар тўпламини тақдим этади.
  2. Тижорат банкининг ҳудудий филиали (туман ёки вилоят) топширилган ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқиб, уларни Кредит қўмитаси томонидан кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун банкнинг Бош офисига юборади.
  3. Бош банк Кредит қўмитасининг ижобий хулосасидан сўнг, лойиҳани молиялаштириш учун Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш Агентлигига тегишли ҳужжатлар тўпламини киритади.
  4. Агентлик тижорат банклари томонидан киритилган ҳужжатлар тўпламини Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармаси талабларига мувофиқлигини ўрганиб, Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасига келишиш учун киритади.
  5. Кредит ҳужжатлари тўплами бўйича Халқаро қишлоқ хўжалиги тараққиёти жамғармасининг ижобий қарори олингандан сўнг Агентлик тижорат банкининг махсус ҳисоб рақамига лойиҳани молиялаштириш учун талаб этилган суммани ўтказиб беради.