Сўнгги йилларда аграр соҳада олиб борилган иқтисодий ислоҳотлар ва бу соҳада ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигини барқарор ўсишига имконият яратди.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тупроқ унумдорлиги ва экинларнинг ҳосилдорлигини оширишнинг устувор йўналишларидан бири айнан суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳисобланади.
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларини бошқарув инфратузилмаларини такомиллаштиришда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида 2007 йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Осиё тараққиёт банки иштирокидаги «Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 698-сонли қарори қабул қилинди.
2007 йил 27 сентябрда мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 60,201 млн. АҚШ доллари қийматига тенг қарз битими имзоланди. Мазкур лойиҳа маблағларига қўшимча равишда Глобал экология жамғармасининг 3,0 млн. АҚШ доллар грант маблағлари ажратилди. Лойиҳани амалга ошириш муддати саккиз йил (2007-2015 гг.) деб белгилаб қўйилди. Лойиҳанинг жами хорижий инвестиция маблағлари 63,2 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшилаш, ерларнинг шўрланиш даражаси камайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш ва бундан аҳолининг бандлиги ва турмуш тарзини яхшиланишига эришилади.
Лойиҳадан кўзланга мақсад қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ва суғориладиган ерлардан олинадиган даромадни ошириш, аҳоли бандлиги ва уларнинг турмуш тарзини яхшилашдан иборат. Лойиҳа Бухоро (Жондор, Ромитан ва Бухоро туманлари), Навоий (Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчи туманлари) ва Қашқадарё (Ғузор, Қамаши ва Косон туманлари) вилоятларининг лойиҳа туманларида амалга оширилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 161,9 минг гектар суғориладиган майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшилашини режалаштирилган. Лойиҳа ҳудудида истиқомат қилувчи бир миллион тўрт юз минг аҳолига ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши ва ҳосилдорликнинг ошиши натижасида олинадиган юқори ҳосилдорлик, атроф-муҳитнинг яхшиланиши ҳамда фермер хўжаликлари даромадининг ошиши ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Лойиҳанинг асосий тадбирлари қуйидагилардан иборат:
1. Умумий узунлиги 1470 км бўлган магистрал ва хўжаликлараро коллектор-дренаж инфратузилмалари ҳамда ичкихўжалик ирригация-дренаж тармоқларида қайта тиклаш ва таъмирлаш.
2. Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда замонавий агротехник усулларни ва технологияларни жорий этиш учун кўргазма участкаларини барпо этиш.
3. Сув истеъмолчилари уюшмаси, Ирригация тизим ҳавза бошқармалари ва фермер хўжаликларини агротехника, суғориш усуллари, зараркунандаларга қарши курашиш, компьютер дастурлари ва гендер таълимоти билан боғлиқ масалалар бўйича тренинг ва ўқув-амалиёт машғулотларини ўтказиш.
Мазкур лойиҳа Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан амалга оширилмоқда. Юқорида айтиб ўтилган тадбирларни бевосита амалга ошириш ва уларни назорат қилиш учун Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида Лойиҳани амалга ошириш гуруҳлари ташкил этилган.