Мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

2016 йил 27 июнда Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлигида Осиё тараққиёт банкнинг Қишлоқ хўжалиги, табиий ресурслар ва атроф-муҳит бўлимининг директори Акмал Сиддиқ бошчилигидаги Миссия билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мавзуси умумий қиймати 200,0 млн АҚШ доллари, шундан Осиё тараққиёт банки улуши 150,0 млн. доллар бўлган «Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни модернизациялаш» янги инвестиция лойиҳаси ҳужжатларини тайёрлаш муҳокамаси бўлиб ўтди. 
Мазкур лойиҳа доирасида мева-сабзавотчилик тармоғида банд бўлган фермер хўжаликларига ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига томчилатиб суғориш тизимини ишлатиш орқали интенсив боғлар ва энергия тежамкор иссиқхоналар барпо этиш, қайта ишлаш корхоналарининг музлатгич омборхоналарини қуриш, уларни қайта тиклаш ва модернизация қилиш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, дала ишларида механизация даражасини ошириш, чуқур қайта ишлаш ва ташқи бозорда рақобатбардош  мева ва сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришга имтиёзли ва узоқ муддатли кредит ресурсларини ажратиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, юртимизда замонавий усулларда мева-сабзавотчилик маҳсулотларини етиштириш бўйича ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Осиё тараққиёт банки миссияси Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги «Eco Agro Produkt» фермер хўжалигининг интенсив боғига ташриф буюришди.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини 
таркибий қайта тузиш Агентлиги.