Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги томонидан ҳам қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш йўлида қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Агентлик томонидан хорижий молиявий ташкилотлар иштирокидаги кўплаб инвестицион лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу эса, мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда.
Республикамиз қишлоқ ва сув хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида халқаро молия ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, улар иштирокида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва самарали бошқариш,  шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларини узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағлари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини такомиллаштириш сингари кенг қамровли ишлар Агентликнинг асосий вазифаларидан бўлиб ҳисобланади. 
Агентлик томонидан Жаҳон банки иштирокидаги «Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб қувватлаш. II босқич» лойиҳаси доирасида умумий қиймати қарийб 12 миллион 700 минг АҚШ доллари бўлган «Қишлоқ хўжалигини барқарорлаштириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш» грант лойиҳаси Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида амалга оширилмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларига муқобил энергия манбаларини амалиётга жорий этишни қўллаб-қуватлаш ва тарғиб этиш. Шу асосда қуёш панеллари орқали қудуқлардан сув чиқариш ускунаси, энерготежамкор суғориш насослари, сув иситиш коллекторлари  ҳамда  чиқинди ва ахлатларни қайта ишлаш эвазига биогаз ишлаб чиқариш бўйича ҳудудларда кўргазма майдонлари ташкил этилмоқда, муқобил энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялар жорий этилмоқда. 
Агентлик томонидан ўрнатилган қуёш панеллари ва тежамкор ирригацион сув насослари ёрдамида Қўрғонтепа туманидаги «Оқ сув» фермер хўжалиги, Олтиариқ туманидаги «Повулғон бўстони» фермер хўжалиги, Шофиркон туманидаги «Хўжа Шарофиддин» фермер хўжалиги ва Пойариқ туманидаги «Аминжон Нурли Замини» фермер хўжаликлари ҳудудида намоиш майдонлари яратилди.  
Бу йўналишда лойиҳа Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 256 та ўқув-семинарлари, қуйидаги мавзуларда: Муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базаси, Грант ва кредит маблағларининг берилиши шартлари ва тартиби, Тупроқ унумдорлиги яхшилашда замонавий агротехнолог усулларини қўллаш каби, ташкил этилиб, 15000 нафардан ортиқ соҳа вакилларининг малакалари оширилди. 
Хозирда мазкур лойиҳа доирасида юқорида кўрсатилган мавзуларда ўқув-семинари давом этмоқда.