Асосий меню

«Ўзэкспомарказ»да озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган «WorldFood Uzbekistan – 2016» ва «AgroWorld Uzbekistan – 2016» халқаро кўргазмалари очилди.

«Ўзэкспомарказ»да озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган «WorldFood Uzbekistan – 2016» ва «AgroWorld Uzbekistan – 2016» халқаро кўргазмалари очилди. 

Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «ITE Uzbekistan» халқаро кўргазма компанияcи ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Тадбирларнинг очилишида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳаси ва озиқ-овқат саноатида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самараларини бераётгани таъкидланди. Бу жараёнда ишлаб чиқаришга замонавий технологияларнинг татбиқ этилаётгани муҳим ўрин тутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 15 майдаги «Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори, бошқа қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар соҳани янада ривожлантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган изчил ишлар самарасида 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар дунё бозорларига экспорт қилинаётир. Сўнгги уч йилда ташқи бозорга йўналтирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч баробардан ошди. Озиқ-овқат товарларини аҳолига узлуксиз етказиб бериш, сифати ва хавфсизлигини таъминлашга эришилмоқда. Мисол учун, 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат, хусусан, гўшт, сут, қандолат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи асосан импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги кунга келиб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи юртимизда етиштирилмоқда. 

Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилди. 

Қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга 114 янги совутиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мамлакатимизда мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу эса йил давомида нархларнинг мавсумий ошиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ушбу маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш имконини бермоқда. 



Кўргазмаларда Хитой, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Португалия, Нидерландия, Австрия, Бельгия, Болгария, Дания, Польша, Швеция, Словакия, Литва, Индонезия, Малайзия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари каби 28 мамлакатдан бир юз олтмишдан зиёд компания иштирок этмоқда. 

«WorldFood Uzbekistan» ва «AgroWorld Uzbekistan» кўргазмалари озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, совутиш ҳамда ресторан ускуналари, қадоқлар ва қадоқлаш технологиялари, паррандачилик, чорвачилик, ветеринария, донни қайта ишлаш ва сақлаш, омихта ем ишлаб чиқариш учун ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникасига оид кўплаб бўлимлар ишлаб турибди. 

– Компаниямиз мева-сабзавотларни етиштиришга ихтисослашган, – дейди Италиянинг «Mazzoni Group» компанияcи минтақавий менежери Антонио Феррареси. – Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавотлар мазаси, табиийлиги ва хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Мамлакатингиз корхоналари томонидан тақдим этилаётган маҳсулотлар эса ғоят харидоргир, энг муҳими, халқаро сифат стандартларига мос эканини алоҳида таъкидлашни истардим. Юртингиздаги турдош корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз. 

Мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий муносабатларни янада кенгайтириш, барча соҳага замонавий технологияларни жалб этишда муҳим омил бўлаётир. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўплаб корхоналар самарали фаолият юритмоқда. 

Ўзбекистон озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг маҳсулотлари ҳам экспозицияларда кенг ўрин эгаллаган. Салқин ичимликлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг қўшимчаларини ишлаб чиқарадиган «Mehrigiyo», «Spring Mycelium Land», «Good Food Group», «Lazzat Karamel», «Vazira Business», «Sladus Produce» корхоналари шулар жумласидандир. Улар вафли, печенье, шоколад, конфет каби кенг турдаги қандолат маҳсулотларини, ёғ-мой маҳсулотлари, музқаймоқлар, чой навларини намойиш этмоқда. Навоий машинасозлик заводи, «United Food Machinery», «Viniks», «Furkan Max», «OSC» каби корхоналар стендларида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда сақлаш ускуналари тақдим қилинган. 

– 2011 йилдан буён фаолият юритаётган корхонамизда илғор технологиялар асосида карамеллар, шоколад ва вафлилар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди «Lazzat Karamel» Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасининг молиявий ишлар бўйича директори Саидакмал Жабборов. – Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тадбиркорларнинг эркин ва фаол иш юритиши учун яратилган қулай шарт-шароит ва кенг имкониятлар муваффақиятларимиз омили бўлмоқда. Корхонамиз дастлаб йигирмага яқин турдаги ширинликлар ишлаб чиқарган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич олтмиш бешга етди. Маҳсулотларимизнинг сифати, кўриниши хорижникидан асло қолишмайди. Айни пайтда улар қатор давлатларга экспорт қилинмоқда. 2015 йили 1200 тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқардик. Жорий йилда бу кўрсаткични янада ошириш ниятидамиз. Ушбу кўргазмалар маҳсулотларимизни истеъмолчиларга кенгроқ таништириш, ишбилармонлар билан ҳамкорлик ўрнатишга хизмат қилади. 

Халқаро кўргазмаларда Хитойнинг «Zhengzhou Dingsheng Machine», «Big Herdsman» компаниялари ёғ ишлаб чиқариш ҳамда паррандачиликда қўлланиладиган ускуналарни, Франциянинг «Ixapack» компанияси қадоқлаш технологияларини намойиш этмоқда. Музқаймоқ ишлаб чиқариш ускуналарини намойиш этаётган Австрия ва Италия компаниялари стендлари ҳам кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортмоқда. 

– Компаниямиз Ўзбекистон билан 2012 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди Хитойнинг «Big Herdsman» компанияси савдо директори Лиу Жун. – Мамлакатингизда ўтказилаётган халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашамиз. Корхонамиз бройлерларни автоматик озиқлантириш ускуналари, паррандачилик соҳаси учун вентиляция ҳамда буғлантириш тизимлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Ўзбекистонда хорижлик ишбилармонлар учун жорий қилинган имтиёзлардан яхши хабардормиз. Кўргазмада иштирокчиларга музокаралар ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайликлар яратилгани бизга маъқул бўлмоқда.

Ушбу кўргазмалар мамлакатимиз ишбилармонлари ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида музокаралар ўтказиш, тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилаш, икки томонлама манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. 

Нодира Манзурова, Сарвар Ўрмонов ЎзА