Асосий меню

Дуккакли экинлар тупроқ унумдорлигини оширади.

Дуккакли экинлар тупроқ унумдорлигини оширади.

Республикамиз Президентининг 2008 йил 20 октябрдаги «Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, республикамизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажми ортиб бормоқда.Бу — озиқ-овқат турларини янада кўпайтириш, халқимизни ушбу маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, қишлоқ аҳолисини даромадлари ва турмуш даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Республикамизнинг суғориладиган майдонларидан бир йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш имкониятини ҳисобга олиб, такрорий экин сифатида ўзининг таркибида юқори сифатли оқсил сақлайдиган ва мавжуд оқсил танқислиги муаммосини ижобий ҳал этадиган қишлоқ хўжалиги экинлари тури ва навларини тўғри танлаш ўта муҳимдир.

Турли тупроқ иқлим шароитида бир мавсум давомида ўртача 75-80 ц.дан юқори ва сифатли дон ҳосили олиш мумкин. Бу, кўплаб илмий тажрибалар ва илғор фермер хўжаликлари мисолида кузатилади. Шу нуқтаи назардан қараганда, кузги буғдойдан бўшаган майдонларда дуккакли дон экинлари майдонларини кенгайтириш эвазига

, аввало, аҳолини тўйимли ва сифатли маҳсулотлар, чорва ҳайвонларини эса сервитамин, минерал моддаларга бой озуқа билан таъминлаш имконини беради.

Дуккакли дон экинлари ғўза, буғдой, шоли, каноп ва сабзавот экинлари учун яхши ўтмишдош ҳисобланади. Дуккакли дон экинларидан соя, ловия, нўхат, кўкнўхат кабилар қаторида мош ҳам ўз ўрнига эга. Дуккакдошлар (Leguminosae) оиласига мансуб бўлган мошнинг лотинча номи (Рhaseolusaureus Piper) бўлиб, ватани жанубий-ғарбий Осиё ҳисобланади. Мош қадимий экин бўлиб, деҳқончиликка бундан 5-6 минг йил олдин кириб келган.

Мош ёруғсевар, иссиқсевар, тупроқ қурғоқчилигига чидамли. Намликка бўлган талаби ўртача. Тўлиқ униб чиқиши учун уруғлари ўз оғирлигига нисбатан 120-150 фоиз атрофида намликни қабул қилади. Мош ботқоқ ва сизот сувлари яқин бўлган тупроқлардан бошқа ҳамма майдонларда ўсиб ривожланади. Уруғининг қийғос униб чиқиши учун ҳарорат камида 12-15 градус бўлиши керак. Ёзги жазирама мошнинг нормал гуллаб, юқори ҳосил беришига замин яратиб, яхши ривожланиши учун ҳарорат 18-22 градус, шоналаш-гуллаш фазаларида эса 20-25 градус энг қулай шароит ҳисобланади. Шунингдек, мош ўсимлиги кундузги иссиқ ва кечаси бўладиган салқин ҳавонинг ўзгаришига бардошлидир. Бундай шароит, мош анғиз (буғдой ёки арпадан бўшаган жой)да етиштирилганда ёзнинг иккинчи ярмида юзага келади. Мош такрорий экин сифатида етиштирилса, гуллаш даври бирмунча қисқаради. Баҳорда экилганда гуллаши 15-20 кун давом этади. Ҳосилдорлиги тупроқ иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда апрель-май ойларида экилганда 20-24 цга бўлса, такрорий экин сифатида анғизда етиштирилганда эса 11,8-21 цга атрофида ўзгариб туради.

Мош дони таркибида 24-28 фоиз оқсил, 2-4 фоиз мой, 46-50 фоиз крахмал, В гуруҳи витаминлари, лизин, аргинин мавжуд бўлиб, дуккакли дон экинлари орасида оқсил ва витаминларга бой бўлиши, каллориясининг кўплиги билан ажралиб туради. Мош дони озуқалик қиймати билан буғдой, ловия, нўхат, кўкнўхат ва жавдар донларидан 1,5-2 баравар, тўйимлилиги билан эса 1,5 баравар устун туради. Мош таркибидаги оқсилнинг ҳазм бўлиши 86 фоизга етади. Бундан ташқари, мош дони таркибида Mg, Ca, S, Na, Fe, Ma, Cu, B, Co, Ni, I каби макро-микроэлементлар бўлиб, фосфор тузларига бой. Айрим мамлакатларда мош донидан салат тайёрланади. Макарон ва кондитер саноатида мош унидан 30 фоиз қўшилса, сифати тубдан яхшиланади. Тиббиёт мутахассислари берган маълумотларга қараганда, ўрта ёшдаги одамнинг бир кунлик оқсилга бўлган талаби 70-80 гр. атрофида экан. Маълумки, оқсил организмда жуда кўп функцияларни бажаришда, гормонлар ишини яхшилашда, ферментлар фаолиятида алоҳида ўринни эгаллайди. Шундай экан, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида оқсилнинг аҳамияти нечоғли катта эканлигини билиш мумкин.

Анғизда такрорий экинларни етиштириш йўли билан суғориладиган ерларнинг самарадорлигини ошириш ушбу майдонларда дуккакли дон экинларини экиш, жумладан, мош етиштириш орқали 15-18 цга, бир йилда жами 75-85цга дон ҳосили олиш мумкинлигини мутахассислар таъкидлайдилар. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда,1 тонна бошоқли дон етиштириш учун 50 кг. азот, 35 кг. фосфор ва 20-25 кг. ўғитларни ўзлаштиради. Демак, ҳозирги кунда кузги буғдойни ҳосилдорлиги 48-50 цга эканлигини ҳисобга олсак, бир гектар ердан қанча миқдорда озуқа моддаси чиқиб кетишини ҳисоблаш қийин эмас. Шундай экан, деҳқончиликнинг асосий қонунларидан бири озуқа моддаларни тупроққа қайтариш қонунини четлаб ўтиб бўлмайди. Шундай экан, дуккакли дон экинларининг экин майдонларини кенгайтириш орқали тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш мумкин. Дуккакли дон экинлари илдизида туганак бактериялари тўпланиб, атмосферадаги молекуляр ҳолдаги эркин азотни ўзлаштириб, тупроқда биологик ҳолда 50-100 кг., баъзан 150 кг. атрофида азот қолдиради. Биргина мош бутун вегетация даври мобайнида ўзидан кейин 2,5-4,0 тонна миқдорида илдиз қолдиқларини тупроқда қолдиргач, тупроқдаги қийин эрийдиган фосфор бирикмаларини ўзлаштиришга ёрдам беради. Мош – энг яхши сидерат экин. У кўкат ўғит сифатида ишлатилганда тупроқда 70 цга қуруқ модда тўпланади. Бу 100 кг. азот демакдир. Илмий таҳлилларга қараганда, мош кўкат ўғит сифатида ишлатилганда ғўза ҳосили 40-60 фоиз га ортган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳаводаги эркин азотни дуккакли экинлар илдизлари яшовчи туганак бактерияларни ўзлаштириш механизмига ва салмоғи дуккакли дон ўсимликларининг тури, навлари, табиий иқлим шароити, етиштириш агротехникасига боғлиқлигини қайд этиш лозим.

Мош серҳосил экин ҳисобланади. Гектаридан ўртача 60-80 ц. пичан ёки 240-300 ц. гача кўк масса олинади. Кўк масса таркибидаги ҳазм бўладиган протеин миқдори маккажўхори барги ва унинг поясидагига нисбатан икки-уч баравар кўпдир. Маккажўхорини мош билан аралаштириб тайёрланган силос, озуқалик сифати юқорилиги билан фарқ қилади. Маълумки, кейинги йилларда экинлар структураси ўзгариб, суғориладиган майдонларнинг асосий қисмини кузги буғдой ва ғўза ташкил этмоқда.

Дуккакли дон ўсимликларини алмашлаб экиш учун алоҳида ер талаб этилмайди. Шунинг учун суғориладиган майдонлардан фойдаланишнинг ички имкониятларидан бири такрорий экинлар қаторида дуккакли дон, хусусан, анғизда мош етиштиришни катта майдонларда ташкил этиш лозим. Такрорий экинлар қаторида экиладиган экинни эртапишар навларини парваришлаб ҳосил олиш мумкин. Ҳозирда Давлат реестрига киритилган мошнинг «Қаҳрабо», «Наврўз» ва «Радость» навлари бор. Мош етиштириш агротехникаси қоидаларига амал қилинган ҳолда, хусусан, ерни экишга тайёрлаш, экиш муддати ва меъёри, суғориш ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантириш, қатор ораларига ишлов бериш ва ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олиш каби тадбирлар соҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган тавсияномалар асосида олиб борилса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, дуккакли дон экинларини етиштириш орқали уларнинг потенциал имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда бир қанча масалалар ижобий ечим топади.


Манба: abi.uz