Асосий меню

Боғлар – тўкинлик ва барака манбаи

Мамлакатимизда янги боғлар барпо этиш, уларни кенгайтириш ва мавжуд мевазору узумзорларнинг ҳосилдорлигини оширишда давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, юртимиз боғ ва токзорларида баҳорги ишлар қизғин давом этмоқда. Шу кунга қадар қарийб бир минг беш юз гектар майдонда янги, интенсив боғ ва минг гектардан ортиқ майдонда узумзор яратилди. Ўн етти минг гектардан зиёд майдондаги мевазор ва токзорларда қайта тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Натижада боғ ва токзорлар кенгайиб, умумий майдони 280 минг гектарга етади.

Ҳақиқий боғбон ҳар бир кўчатни қадрлайди, серҳосил мева кўчатлари экиш ва парваришлашга алоҳида эътибор қаратади. М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида боғбонларнинг бу борадаги юмушларини енгиллаштириш ва уларга амалий ёрдам беришга қаратилган изчил илмий изланишлар олиб борилмоқда. Бугун мамлакатимизда парваришланаётган мевали дарахт кўчатларининг қарийб ярми мазкур институт олимлари томонидан яратилган навлардир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, юртимизда олма, ўрик, шафтоли, олхўри, бодом, ёнғоқ каби меваларнинг юздан ортиқ турини учратиш мумкин. Мазкур илмий-тадқиқот институтида яратилаётган янги навлар маҳаллий иқлим шароитига мослиги, мевасининг мазаси ҳамда серҳосиллиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Мисол учун, «Феруза гўзали», «Камола» олманинг кечпишар навлари бўлиб, таъми, сифати ва ҳосилдорлиги, касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради. Ўрикнинг «Гулистон» нави эртапишар бўлса-да, бошқа ўриклардан 10-15 кун кеч гуллайди. Бу ҳосилни кутилмаган совуқлардан сақлаб қолади. Меваси йирик, гектаридан 8-10 тонна ҳосил олиш мумкин. «Ризамат» – кузги-қишки узум, ҳосилдорлиги гектаридан 10-15 тоннани ташкил этади, пўсти қалинлиги боис узоқ муддат сақлаш имкони мавжуд. Синовдан муваффақиятли ўтган «Ҳусайни мускат» нави нафақат ҳосилдорлиги, балки хушбўйлиги билан ҳам эътиборни тортади. «Кишмиш ботир», «Кишмиши Зарафшон» навлари бошқа узумларга қараганда икки-икки ярим баробар йирик бўлиб, қуритилганда ҳам сифати ва мазасини йўқотмайди.

Илм-фаннинг бошқа йўналишларида бўлгани каби боғдорчиликда ҳам халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Россия мевачилик илмий-текшириш институти билан мелиорация ишларини яхшилаш, касалликларга қарши курашиш ҳамда дарахтларни томчилатиб суғориш борасидаги ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Жанубий кореялик ва япониялик олимлар билан олма ва шафтоли навлари устида иш олиб борилаяпти. Хусусан, Япониядан келтирилган навлар юртимиз иқлимига мослаштирилмоқда.

Институтда аҳолини мевали ва манзарали кўчат, ток қаламчалари билан таъминлаш, тегишли тавсиялар бериш борасидаги ишлар ҳам кенг йўлга қўйилган. Жорий йилда институт жамоаси томонидан тўрт ярим миллион дона ярим пакана, тўрт миллион дона маҳаллий мева кўчатлари ва беш миллион донадан ортиқ ток қаламчаси тайёрлаб қўйилди.

Манба: uza.uz