Асосий меню

Ернинг сифати яхшиланиб, унумдорлиги ошмоқда

Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги «2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

«Чирчиқ-Оҳангарон» ирригация тизимлари ва ҳавза бошқармасидан маълум қилишларича, вилоятда ўтган йили мазкур ҳужжат ижроси юзасидан ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ, экин майдонларига сув чиқариш ва суғоришга ихтисослашган объектларни таъмирлашга 10 миллиард 440 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилган. Хусусан, Пискент туманидаги Туябўғиз каналининг чап ирмоғида жойлашган сув чиқариш иншооти ва 2,597 километр назорат йўли реконструкция қилинган. Чиноз туманида «Охунбобоев» насос станциясидаги босимли қувур қайта тикланган. Паркент магистрал каналида ўпирилиш ҳолатлари кузатилган ва нисбатан хавфли бўлган айрим участкалар бетонланган. Шу сингари қурилиш-реконструкция ишларининг сифатли бажарилиши бир қатор суғориладиган экин майдонларида сув таъминотини яхшилаш, қарийб беш миллион метр/куб сувни тежаш имконини берган.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Зангиота туманидаги "Жун" ва Чиноз туманидаги Р-17 каналлари, Пискент туманида «Учтепа», Бекобод туманида К-2-4 насос станциялари қувурлари қайта тикланаётир.

Мутахассисларнинг фикрича, мелиорация тадбирларининг сифатли бажарилиши тупроқда экинларни етиштириш учун қулай бўлган сув ва ҳаво, ҳарорат ва озиқ режимини, атмосферанинг ер юзасига яқин қатламида ҳавонинг ҳарорати ҳамда ҳаракатини ўзгартириш имконини беради. Натижада янги ерлар ўзлаштирилиб, экин майдонлари кенгаяди, ернинг унумдорлиги ортиб, ҳосилдорлик ошади, маҳсулот сифати яхшиланади. Мухтасар айтганда, мелиорация тадбирлари ижтимоий-иқтисодий масалалар билан бирга айрим экологик муаммоларни ҳам ижобий ҳал этади.

– Биз ҳам ушбу фикрга таяниб, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди «Чирчиқ-Оҳангарон» ирригация тизимлари ва ҳавза бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Қурбонов. – 2013-2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастур асосида 42 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Ўтган йилларда ушбу лойиҳаларнинг йигирматаси бажарилди. Натижада 27 минг 673 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Жорий йилда 23,2 километр узунликдаги коллекторларни реконструкция қилиш, икки иншоот, 10 мелиоратив тик ва 53 кузатув қудуғини қуриш, 745,3 километр узунликдаги коллекторларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилади.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш жараёнида фермерлардан зийраклик талаб этилади. Улар мавсум аввалида ўз тасарруфидаги суғориш тармоқлари ва улардаги сув иншоотларини сифатли таъмирлаши, ариқларни вақти-вақти билан лойқадан тозалаб туриши керак. Ҳозирги ҳамал ойида сувни далада олиб қолиш, ернинг шўрини ювиш каби бир қатор муҳим юмушлар ўз вақтида сифатли бажарилса, келгусида ернинг сувга бўлган талаби маълум миқдорда қондирилади. Бу сувга эҳтиёж кўп бўлган даврларда оби ҳаёт тақчиллигининг олдини олади.

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш баҳорги экишдан олдин ерни суғоришга қай даражада тайёрлашдан бошланади. Агар ерни шудгор қилишда сусткашликка йўл қўйилса, суғориш тизими издан чиқади. Даладаги экин бир маромда қониб сув ичмайди. Оқибатда сув сарфи кўпайиб, тупроқнинг намлик даражаси ошади.

Мазкур жараёнда самарали усул ва илғор технологиялар, хусусан, томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Вилоятда томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа технологияларни кенг жорий этиш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилаётир. 2013 йилда 257 гектар майдонга шундай тизим жорий этилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 360 гектарга етгани фикримизни исботлайди.

– Туманимиз Чирчиқ ва Оҳангарон дарёларининг қуйи оқими оралиғида жойлашгани боис ҳудуддаги айрим ерларда намлик ва шўрланиш даражаси бироз юқорилиги кузатилади, – дейди Қуйи Чирчиқ тумани қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Абдухалил Маҳаматов. – Биласиз, айни мана шундай хусусиятга эга, яъни, шарқдан ғарбга пасайиб борган ерларнинг шўрини кетказиш ва табиий ҳолатини тиклашда мелиорация тадбирларини маромига етказиб қўллаш ҳамда томчилатиб суғориш тизимини татбиқ этиш жуда муҳим. Айни шу мақсадда икки дарёнинг муайян ирмоқлари, ички сув лотоклари таъмирланди. Натижада сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланди. Ерларнинг табиий ҳолати бир мунча тикланди. Кўпгина фермер хўжаликлари томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланаётир.

«Эрматов Абдураҳим» шундай фермер хўжаликларидан бири.

– Хўжалигимизнинг умумий экин майдони 65 гектар. 2014 йили 30 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизимини жорий этдик, – дейди хўжалик раҳбари Абдураҳим Эрматов. – Бу тупроқдаги намлик ҳамда шўрланиш даражасини анча камайтирди. Мўл ҳосил ола бошладик. Муҳими, катта миқдорда сув тежалишига эришилмоқда.

Вилоятда ернинг сифатини яхшилаш, сувдан тежаб фойдаланиш, шулар ҳисобидан ҳосилдорликни ошириш, пировардида аҳоли турмуш даражасини янада кўтариш бўйича қилинаётган бундай эзгу ишларга яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Манба: uza.uz