Асосий меню

Маҳсулот экспорти қўллаб-қувватланмоқда

Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Қашқадарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳудудий филиали вилоятдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига маҳсулот экспортини амалга ошириш бўйича кўмак бериб келмоқда.

– Ўтган йили экспорт салоҳиятига эга корхоналар базасини шакллантириш мақсадида 54 корхонага жамғармамиз билан ҳамкорлик қилиш учун таклифлар жўнатдик, – дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Қашқадарё филиали директори Б.Турсунов. – Туманларда тадбиркорлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида жамғарманинг асосий фаолияти бўйича маълумотлар берилди. Хорижий ва маҳаллий инвесторларга мамлакатимиздаги инвестицион муҳит, экспорт қилувчи корхоналарга яратилган солиқ, божхона ва бошқа имтиёзлар акс эттирилган буклетлар тарқатилди.

– Жамғарманинг ташкил этилиши тадбиркорлар учун кенг имкониятлар яратди, – дейди Қамаши туманидаги «Муродали фарм текстиль» масъулияти чекланган жамияти директори М.Фармонов. – Ўтган йили бўз экспорт қилиш мақсадида жамғармадан 150 миллион сўм кўмак олдик. Натижада 500 минг АҚШ доллари миқдорида қўшимча маҳсулот экспорт қилишга эришдик. Ишчиларимиз сони ўн нафарга ошди.

Жамғарма томонидан хорижга мева-сабзавот экспорт қилиш ҳаракатидаги Китоб туманидаги «Вигет импекс» фермер хўжалигига логистика хизмати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини шакллантириш учун 450 миллион сўм ажратилди. Бунинг самарасида фермер хўжалиги 1 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча маҳсулот экспорт қилишга эришди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

– 160 гектар еримиз бор. Асосан узум ва гилос етиштирамиз, – дейди «Вигет импекс» раҳбари Ж.Султонов. – Ўтган йили жамғарма кўмаги билан хорижга 400 тонна узум сотдик. Жорий йилда маҳсулот экспортини кўпайтирмоқчимиз. Шунга тайёргарлик доирасида гилос ва узумни сақлаш совуткичлари кўрикдан ўтказилди. Йил давомида уларда 2 минг тоннагача маҳсулотни вақтинча сақлаш режалаштирилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2014 йилда жамғарма томонидан вилоятдаги йигирма корхонага 19,5 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилишда амалий ёрдам кўрсатилган. Жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгаяди. Хорижий мамлакатларда ўтказилиши режалаштирилган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда қашқадарёлик тадбиркорларнинг иштирокини таъминлаш шулар жумласидандир.

Манба: uza.uz