Асосий меню

Имкониятлар кенгаймоқда

Фарғона вилоятида 8 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик каби йўналишларга ихтисослашган фермер хўжаликлари ўзлари етиштирган маҳсулотларни қайта ишлаш, уларни ички ва ташқи бозорга етказиб бериш борасида салмоқли натижаларга эришаётир. Қўштепа туманидаги «Шукурдавлат» фермер хўжалиги ана шундай илғор хўжаликлардан бири.

Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бунда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

– Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур соҳа банк кредитлари орқали қўллаб-қувватланаётгани, озуқа, ёқилғи билан таъминлаш, солиқ соҳасида берилган имтиёзлар биз, фермерларга катта имконият яратмоқда, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ш.Сайдуллаев. – Бундан фойдаланиб, хўжалигимизда наслдор молларни кўпайтирмоқдамиз. Ўтган йили Миллий банкдан олинган кредит эвазига Голландиядан 66 бош наслли қорамол келтирдик. Айни кунларда улар кўпайтирилиб, вилоятдаги бошқа фермер хўжаликларига шартнома асосида етказиб берилаётир.

Юзга яқин киши меҳнат қилаётган хўжаликда сутни қайта ишлаш тармоғи ҳам ташкил этилиб, ташкилот ва корхоналарга ўн турга яқин сут ва сут маҳсулотлари етказиб берилмоқда.

Манба: uza.uz