Асосий меню

Ер унумдорлиги – мўл ҳосил гарови

Жиззах вилоятида 2008 йилгача жами 546 минг гектар суғориладиган ер кучли, ўртача ва кучсиз шўрланган майдонлар эди. Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 29 октябрда қабул қилинган «Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида қабул қилинган давлат дастурига мувофиқ 2008 йилдан буён зовур, дренаж, тик қудуқ, шунингдек, канал ва лотокларни қайта қуриш, гидротехник иншоотларни тиклаш ва таъмирлаш ишларига қарийб 68 миллиард сўмлик бюджет маблағлари йўналтирилди.

Ўтган йили вилоятда ирригация-мелиорация тадбирлари доирасида 14 миллиард сўмлик маблағ ўзлаштирилиб, 14 минг гектардан ортиқ экин майдонининг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Бу борадаги чора-тадбирлар давом эттирилиб, айни кунларда зовурларни тозалаш, ёпиқ дренажларни ювиш ва қайта тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

– Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, айниқса, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унумдорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бермоқда, – дейди Зарбдор туманидаги «Шодлик» фермер хўжалиги раҳбари Ўнғар Ўринбоев. – Мелиорация тадбирлари натижасида туманимизда, хусусан, бизнинг хўжалигимизда ҳам ернинг унумдорлиги ошди. Пахтадан 40, ғалладан 60 центнердан ҳосил олмоқдамиз.

Ўнғар аканинг бу гапи вилоятнинг барча туманларидаги мелиорация ва ирригация иншоотларида амалга оширилаётган ишларга тегишли. Йиллар давомида тўлиб қолган канал ва зовурлар махсус техникалар билан тозаланмаса, ернинг зардобини қочириб бўлмайди. Бу ишни қудратли техникага эга бўлган махсус корхоналаргина бажара олади. Шунинг учун ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурини амалга ошириш шундай корхоналарни барпо этишдан бошлангани ишнинг муваффақиятини таъминламоқда.

Вилоятда мелиорация ва ирригация иншоотларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишларини «Қуйи Сирдарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошида замонавий хориж техникалари билан таъминланган «Пахтакордавсувмахсуспудрат», «Жиззахшаҳардавсувмахсуспудрат», «Учтепадавсувмахсуспудрат», «Мирзачўлдавсувмахсуспудрат» каби давлат унитар корхоналари бажармоқда. Масалан, Жиззах туманидаги «Учтепадавсувмахсуспудрат» давлат унитар корхонасида 10 экскаватор, 2 бульдозер, 5 дренаж ювиш агрегати ва техник ёрдам кўрсатиш автомашинаси сингари техникалардан фойдаланилмоқда. Кейинги уч йилда корхона томонидан ҳудуддаги 80 километрдан зиёд ички хўжалик зовурлари, 6,8 километр лотоклар, 231 километр дренажларни тозалаш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 3 минг 200 гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. Ғалладан олинадиган ҳосилдорлик ўртача 7-8, пахтадан 4-5 центнерга ошди.

– Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли корхонамиз моддий-техник базаси энг замонавий ва қудратли техникалар билан мустаҳкамланмоқда, – дейди «Учтепадавсувмахсуспудрат» корхонаси бош муҳандиси Ўктам Бегматов. – Бу корхонамиз томонидан бажарилаётган иш ҳажмини янада оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, 2012 йилда 30 километрлик мелиорация ва ирригация иншоотларида қурилиш- таъмирлаш ишларини бажарган бўлсак, ўтган йили 54 километрлик таъмирлаш, реконструкция қилиш ва тиклаш ишлари амалга оширилди.

Тупроқ унумдорлигини ошириш йўлида кўрилаётган бундай чора-тадбирлар самарасини экинлардан олинаётган юқори ҳосилдорликда яққол кўриш мумкин. Зарбдор, Жиззах ва Арнасой туманларида зовурлар тозаланиб, вертикал ва горизонтал дренажлар ювилганидан, айниқса, фермерлар мамнун.

Вилоятда ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича давлат дастурларида белгиланган ишлар давом эттирилмоқда. 2015-2016 йилларда бу йўналишдаги ишларга 50 миллиард сўм бюджет маблағи сарфланиши кўзда тутилган.