Асосий меню

Жаҳон банки Халқаро тараққиёт уюшмасининг “Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич” лойиҳаси доирасида қайси йўналишларга ва қандай шартлар асосида имтиёзли кредит олиш мумкин?

«Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш. 2-босқич» лойиҳасининг асосий мақсади лойиҳа ҳудудларида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарининг моддий-техник базасини ва рентабеллик даражасини ҳамда молиявий барқарорлигини оширишдан иборат.

Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги мева-сабзавотчиликка алоқадор қишлоқ хўжалиги корхоналарига инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадлари учун кредит маблағларини йўналтириш кўзда тутилган. Бунда мева-сабзавот етиштириш, боғ ва токзорлар ташкил этиш, қайта ишлаш, қадоқлаш, иссиқхоналар, кўчатхоналар ва музлатгичли омбохоналар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Имтиёзли кредитларни Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси – сўм ёки АҚШ долларида олиш мумкин. Бунда кредитнинг бир мижоз учун миқдори:

1. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш (музлатгич ва омборлар) учун 1,0 млн. АҚШ долларидан ошмаган ҳолда сўм ёки АҚШ доллари миқдорида;

2. Бошқа инвестиция йўналишлари (мева-сабзавотчилик тармоғи учун) 500 минг АҚШ доллари қийматидан ошмаган миқдорда;

3. Қисқа муддатли айланма маблағлар учун 50 минг АҚШ доллари қийматидан ошмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилади.

Кредит муддати 10 йилгача имтиёзли давр 3 йилгача бўлиб (айланма маблағлар учун кредит муддати 18 ойгача 9 ойлик имтиёзли давр билан), фоиз устамаси АҚШ доллари ҳисобидаги кредитлар учун 5,5 фоизгача, ўзбек сўми ҳисобидаги кредитлар учун 10 фоизгача этиб белгиланган. Бундан ташқари, мижознинг кредит олишдаги ҳиссаси кредит умумий қийматининг 10 фоиздан кам бўлмаслиги зарур.

АҚШ долларида олинган кредитлар ўзбек сўмида Марказий банкнинг расмий курсига мувофиқ қайтарилади.

Қўшимча маълумотлар учун ҳудудий бўлинмаларимизга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.